ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Россия ҳукумати Давлат Думасига меҳнат патентини бериш ёки узайтиришни мигрантнинг даромади яшаш минимумидан паст бўлган тақдирда тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритди. Ҳужжат Дума электрон базасида эълон қилинган.
Лойиҳага кўра, агар чет эл фуқаросининг ўзи ва унинг қарамоғидаги оила аъзоларига тўғри келадиган ойлик даромади белгиланган яшаш минимумидан паст бўлса, унга патент берилмаслиги ёки узайтирилмаслиги мумкин. Яшаш минимуми миқдори Россия ҳудудларидаги минтақавий коэффициентлар асосида ҳисобланади.
Солиқ органлари календарь йил давомида мигрантнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни автоматик тарзда Ички ишлар вазирлигига тақдим этади. Маълумотлар иш берувчиларнинг суғурта ҳисоботлари ёки “Профессионал даромад солиғи” режими бўйича декларациялар асосида шакллантирилади.
Қонун лойиҳаси патентни биринчи марта расмийлаштираётган шахсларга ҳамда фақат жисмоний шахсларда шахсий-маиший хизмат кўрсатувчи мигрантларга татбиқ этилмайди.
Шунингдек, вақтинча ёки доимий яшашни тасдиқлашда мигрантлар ўз даромадлари тўғрисида маълумотнома, солиқ декларацияси ёки инвестиция ва бошқарув фаолиятидан олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак бўлади.