Отабек Умаров "Формула-1"ни назорат қилувчи FIA Сенати таркибига кирди

Формула-1 ва бошқа жаҳон чемпионатларини назорат қилувчи тузилма "FIA"нинг олий бошқарув органига Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров сайланди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) Сенати таркибига сайланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар қилди.
FIA — жаҳон автоспортининг асосий бошқарув органи бўлиб, Формула-1, Жаҳон ралли чемпионати (WRC), Жаҳон чидамлилик чемпионати (WEC) каби энг нуфузли мусобақаларни назорат қилади. Ташкилот 190 дан ортиқ мамлакат миллий федерацияларини бирлаштиради.

Мазкур тайинлов билан Отабек Умаров FIAнинг стратегик қарорлар қабул қилувчи олий бошқарув органи — Сенат фаолиятида иштирок этади.

Ўзбекистон вакилининг ушбу нуфузли тузилма таркибига кириши мамлакатда автомобиль спорти, халқаро мусобақаларни қабул қилиш имкониятлари ва замонавий мобиллик соҳасини ривожлантиришга қўшимча туртки бериши кутилмоқда.
Маълумот учун, FIA Сенати ташкилотнинг молиявий ва стратегик сиёсатини белгилашда муҳим роль ўйнайди ҳамда Бош Ассамблеяга тавсиялар киритади.
Ўзбекистонда Формула-1 пойгалари ўтказилиши мумкин: Мирзиёев FIA раҳбариятини қабул қилди