ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. ЕОИИ ва ШҲТ мамлакатларидан келтирилган ўсимлик уруғлари Россиянинг Ёқутистон ҳудудидаги ер ости криобанкка жойлаштирилади. Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистондан биринчи партиялар март ойида келиши кутилмоқда.
Ёқутск яқинида жойлашган омбор “табиий музлаткич” принципи асосида ишлайди: у 12 метр чуқурликда барпо этилган бўлиб, йил давомида минус 10°C атрофидаги барқарор ҳарорат сақланади.
Қишдаги минус 50°C совуқ махсус конструкциялар орқали “йиғилиб”, омборда аста-секин ушлаб турилади. Бундай шароит донли ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини деярли муддатсиз сақлаш имконини беради.
Ҳозир омборда бутун Россия бўйлаб тўпланган 13 мингга яқин намуна бор. Лойиҳанинг жорий қуввати 100 минг намуна, келгусида уни 1 миллионгача ошириш режалаштирилган. Айрим уруғлар бу ерда 40–50 йил давомида сақланиб, унувчанлик даражаси 80–90 фоизгача етади — бу оддий музлатгичлардаги кўрсаткичдан юқори.
Криобанк фондига қишлоқ хўжалиги ва ёввойи ўсимликлар, шу жумладан Қизил китобга киритилган турлар ҳам киритилган. Лойиҳага БРИКС, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари ҳам қизиқиш билдирмоқда. 2030 йилгача 1 миллион намунага мўлжалланган янги омбор қуриш режалаштирилган.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.