Ўзбекистон Ғазода турар жой, боғча, мактаб ва касалхоналар қуришга тайёр – Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Тинчлик кенгашининг Ғазо сектори бўйича фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда Ғазо секторини қайта тиклаш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Тинчлик кенгашини тузиш бўйича тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва уни муваффақиятли рўёбга чиқаришда амалий иштирок этишини қатъий тасдиқлагани таъкидланди.
“Ишончим комил, кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон беради”, – деди Мирзиёев.
Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозимлиги таъкидланди.
Барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари Ғазони тез фурсатда қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, можародан кейинги жараёнларни барқарорлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёрлигини қайд этди.
“Бизнинг учрашувимиз халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишимизнинг ёрқин ифодасидир. Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур”, – деди Мирзиёев.
Йиғилиш якунида Тинчлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги декларация имзоланди.
АҚШ президенти Дональд Трамп раислигида ўтказилган тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Баҳрайн, Индонезия, Аргентина, Парагвай, Руминия, Миср, Қатар, Покистон, Венгрия, Албания, Арманистон, Вьетнам, Камбоджа, БАА, Туркия, Кувайт, Саудия Арабистони, Исроил, Марокаш ва бошқа давлатлар делегациялари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Тинчлик кенгаши низоми тасдиқланди: Ўзбекистон таъсисчилар қаторида