Тошкентда сомса, кабоб ва мангал нуқталари текширилмоқда

Тадбиркорларга санитария ва экологик меъёрларга риоя қилиш, тутун чиқариш тизимларини ўрнатиш тавсия этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Тошкент шаҳрида очиқ оловда таом тайёрлайдиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти устидан назорат кучайтирилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, санитария-эпидемиология хизмати ва экологик идоралар ҳамкорлигида белгиланган талабларга риоя қилмаган сомса, кабоб ва мангал нуқталари текширилмоқда.
Текширувлар давомида чиқиндиларни тозалаш ва тутун чиқариш тизимларига эга бўлмаган, шунингдек, пиёдалар ҳудудлари ва турар-жой бинолари яқинида жойлашган объектлар аниқланмоқда. Бундай нуқталар фаолияти қонун талабларига мослаштирилгунга қадар тўхтатилиши мумкин.
Ҳокимлик тозалаш ва фильтр тизимларисиз ишлаш аҳоли саломатлиги ҳамда шаҳар муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади. Тадбиркорларга санитария ва экологик меъёрларга риоя қилиш, тутун чиқариш тизимларини ўрнатиш тавсия этилди.
Шикоят ва мурожаатлар учун Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология хизматига мурожаат қилиш мумкин.
Рамазонда мижозлар танлов ҳуқуқини чеклаган кафеларга чора кўрилади — Рақобат қўмитаси