Татаристон ва Тошкент вилояти ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Рустам Минниханов Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Россиянинг Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Татаристон раиси матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Рустам Минниханов Ўзбекистон билан алоқалар йилдан йилга жадал ривожланаётганини таъкидлаб, янги қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани, ишбилармонлик алоқалари кенгайиб, ўзаро ташрифлар фаоллашаётганини қайд этди.

Татаристон раҳбари ҳудудлараро ҳамкорликка билдирилаётган қизиқиш учун миннатдорлик изҳор қилиб, республика қардош Ўзбекистон билан кўп қиррали шерикликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, Зойир Мирзаев самимий учрашув ва дўстона мулоқот учун мезбон томонга миннатдорлик билдириб, ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган, реал натижалар бераётган янги ташаббус ва лойиҳаларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Томонлар ҳамкорликда ҳаётга тадбиқ этилаётган лойиҳалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, уларни янада жадаллаштириш бўйича келишиб олишди.
Тошкент вилояти делегациясининг Бошқирдистонга ташрифи: Мирзаев орден билан тақдирланди