Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ЖИДУда Россия ташқи сиёсати ҳақида маъруза ўқиди

Элчи Алексей Ерхов Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза қилиб, Россия ташқи сиёсатининг асосий мотивлари, мақсадлари ва тарихий бурилиш нуқталарига тўхталди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Россия ташқи сиёсатининг асосий мотивлари, мақсадлари ва устувор йўналишларига бағишланган маъруза ўқиди.
Муҳокама марказида Россия ташқи сиёсатининг мотивлари, мақсад ва вазифалари бўлди. Учрашувда Sputnik Ўзбекистон мухбири иштирок этди.
Учрашувда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, элчихона вакиллари ҳамда университет талабалари қатнашди.
“Сизлар менинг ҳамкасбларимсиз”
Маърузани очар экан, Алексей Ерхов талабаларни келажакдаги ҳамкасблари деб билишини таъкидлади.

“Қадрли дўстлар, ҳурматли ҳамкасблар, мен сизларга шундай мурожаат қиламан, чунки университет халқаро муносабатлар бўйича мутахассисларни тайёрлайди. Дипломимда ҳам "халқаро муносабатлар бўйича мутахассис" деб ёзилган. Шунинг учун сиз менинг ҳамкасбларимсиз”, — деди у.

Элчи академик услубда эмас, балки “жонли гувоҳ ҳикояси” шаклида сўз юритишини айтиб, Россия ташқи сиёсатининг асосий “бифуркация нуқталари”ни санаб ўтди: 1991 йил, 2000 йил, 2007 йилги Мюнхен нутқи, 2008 йилги воқеалар, 2014 йилги инқироз ва кейинги жараёнлар.
Посол России в Узбекистане прочитал лекцию о внешней политике РФ в УМЭД
Тўқсонинчи йиллар ҳақида гапирар экан, у бу даврни “катта хомхаёллар ва катта умидлар” босқичи деб атади. Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда Россия “қўштирноқ ичидаги цивилизациялашган дунё”га қўшилишга умид қилган. Бироқ хусусийлаштириш ва иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётнинг бўйсундирилган ҳолатга тушишига олиб келган, бу эса ташқи сиёсий манёвр эркинлигини чеклаган.
НАТО кенгайиши ва “Евро-Атлантика моделининг қулаши”
Талаба саволига жавоб берар экан, дипломат НАТО кенгайиши ва Европа хавфсизлик архитектурасининг ўзгаришига тўхталди.
Унинг сўзларига кўра, НАТО ва ЕИ Ғарб ҳукмронлиги тугаётгани ва янги тарихий давр бошланаётгани ҳақидаги реалликни қабул қилмаяпти. Сўнгги саккиз йилда Европа Иттифоқи НАТО ва ЕХҲТ билан боғланган евроатлантик бўғинга айланган, хавфсизликнинг аввалги модели эса амалда издан чиққан.
“Қурол-яроғ назорати соҳасидаги халқаро келишувлар сўнгги йилларда бузилди ва амалда бекор қилинди. Бу Россия ва унинг иттифоқчилари айби эмас”, — деди Ерхов.
Элчи Европа Иттифоқининг ҳарбий ўлчови шакллантирилаётган “стратегик компас”ни эслатиб, НАТО кенгайиши давом этаётганини қайд этди.
Посол России в Узбекистане прочитал лекцию о внешней политике РФ в УМЭД
Евроосиё ташаббуси ва бўлинмас хавфсизлик тамойили
Ғарб моделига муқобил сифатида Россия “Катта Евроосиё шериклиги” ташаббусини ва XXI аср учун Евроосиё хилма-хиллик ҳамда кўпқутблилик хартиясини илгари сурмоқда.
“Биз Евроосиё давлатлари ўз хавфсизлиги масалаларини ҳал қилиш учун масъулиятни ўз зиммасига олишини ва ташқаридан бузғунчи аралашувни минималлаштиришни истаймиз”, — деди Ерхов.
Унинг таъкидлашича, ташаббус марказида тенглик ва бўлинмас хавфсизлик тамойили ётади. Асосий вазифа — ортиқча бюрократик тузилмалар яратмасдан, умумконтинентал тенг ҳуқуқли мулоқотни йўлга қўйиш.
Марказий Осиё: шериклик мустаҳкамлик синовида
Ерхов Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларига алоҳида тўхталиб, геосиёсий турбулентлик шароитида шериклик “мустаҳкамлик синовидан муносиб ўтаётганини” таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Россия ва минтақа давлатлари терроризм, наркотрафик ва кибертаҳдидлар каби хавфларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоқда, ҳарбий-техник ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида яқин ҳамкорликни сақлаб қолмоқда.
“Россия дўстларимизнинг ўз сиёсий, этномаданий анъаналари ва дунёқарашига мувофиқ мустақил ривожланиш ҳуқуқини қатъий ҳимоя қилади”, — деди дипломат.
БРИКС, ШҲТ ва транспорт йўлаклари
Талабалар элчига Россиянинг ўзгарувчан глобал кучлар мувозанатидаги ўрни, БРИКС истиқболлари, Шимол–Жануб транспорт йўлагини ривожлантириш ва божхона маълумотлари алмашинуви ҳақида саволлар беришди.
“Агар биз ҳақимизда гапиришса, демак, бизни пайқашади ва биз билан ҳисоблашишади”, — деди Ерхов.
БРИКС ва ШҲТ ҳақида сўз юритар экан, у ушбу форматларнинг мослашувчанлиги иштирокчилар суверенитетини сақлаш ва қатъий институционаллашувсиз манфаатларни ҳисобга олиш имконини беришини таъкидлади.
Транспорт коридорлари ҳақида гапирар экан, дипломат уларнинг товар айирбошлаш ҳажмини оширишдаги аҳамиятини қайд этди. Шу билан бирга, савдони диверсификация қилиш аниқ иқтисодий шарт-шароитлар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига боғлиқлигини таъкидлади.
Ўзбекистон билан божхона маълумотлари алмашинувига тўхталар экан, элчи тегишли ҳуқуқий асосларни музокаралар форматида ишлаб чиқиш зарурлигини билдирди.
Посол России в Узбекистане прочитал лекцию о внешней политике РФ в УМЭД
Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Россия билан муносабатлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим константаларидан бири эканини таъкидлади.

“Биз учун Россия билан муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Улар мамлакатларимиз президентлари ўртасидаги ишончли ва яқин алоқаларга таянади”, — деди Сафоев.

Унинг таъкидлашича, 2016 йилдан сўнг икки томонлама муносабатлар янги сифат босқичига кўтарилди — институционал алоқалар мустаҳкамланди, парламентлараро ҳамкорлик фаоллашди ва ҳудудлараро боғланишлар кенгайди.
Россия фуқароларни ишга Ўзбекистоннинг ўзида танлаб, расмий жойлаштиришни таклиф қилмоқда