ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш жараёни автоматлаштирилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкентда ўтаётган “Солиқ форуми – 2026” тадбирида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев маълум қилди, дея хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унинг сўзларига кўра, янги тизим яқин икки-уч ой ичида тест режимида ишга туширилиши кутилмоқда. ҚҚСни қайтариш бўйича аризалар автоматик тарзда таҳлил қилинади: агар талаб қилинган сумманинг бир қисми бўйича эътирозлар бўлмаса, у қайтарилади, қолган қисми эса текширувга қолдирилади.
“Ҳозир ариза топширилганда камчилик аниқланса, у тўлиқ қайтарилади. Янги лойиҳада эса тизим суммани ўзи ҳисоблаб, эътирозсиз қисмини автоматик равишда тўлаб беради”, — деди Абдиев.
Шунингдек, у ҚҚС ва фойда солиғи ставкалари бўйича ўзгаришлар режалаштирилмаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, 2028 йилгача бу солиқ турлари бўйича ставкалар сақланиб қолади.
Форум доирасида солиқ маъмуриятчилигини модернизация қилиш, рақамлаштиришни чуқурлаштириш ва бизнес муҳитига таъсир этувчи солиқ сиёсати масалалари муҳокама қилинмоқда.