ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида буюк мутафаккир Алишер Навоий шарафига барпо этиладиган ёдгорлик қурилиши тантанали бошланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Лойиҳа Афғонистонда истиқомат қилувчи ўзбек жамоатчилиги ўртасида миллий маънавиятни мустаҳкамлаш, бой адабий меросни тарғиб қилиш ва икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Маросимда маҳаллий ўзбек жамоатчилиги вакиллари, Балх давлат университети профессор-ўқитувчилари, “Набизода” жамғармаси раҳбари Камол Набизода ҳамда Ўзбекистон консулхонаси ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоий мероси туркий халқлар ва Афғонистон маданиятида алоҳида ўрин тутишини таъкидладилар. Ёдгорлик қурилиши афғон ўзбеклари ҳаётида муҳим маданий воқеа сифатида баҳоланди.
Шунингдек, шоир Абдулқодир Ҳамидий ва “Бобур” жамғармаси раҳбари Муҳаммад Наби лойиҳа миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.