“Росатом” ва Ўзбекистон Фанлар академияси: ядро технологияларида ҳамкорлик кучаяди

Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Фанлар академияси ва “Росатом” ядро энергетикаси ҳамда радиация технологиялари соҳасида қўшма илмий лойиҳаларни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Фанлар академияси ва “Росатом” давлат корпорацияси ядро энергетикаси ҳамда радиация технологиялари соҳасида қўшма илмий лойиҳаларни кенгайтириш бўйича ишларни фаоллаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда академия матбуот хизмати РИА Новостига хабар қилди.
Фанлар академияси президенти, академик Шавкат Аюпов ва “Росатом” бош директори ўринбосари Юрий Оленин Тошкентда ўтказилган учрашувда икки томонлама илмий-техник ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
“Томонлар қўшма илмий лойиҳаларни кенгайтириш, замонавий лаборатория базасини такомиллаштириш ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди”, — деди академия вакили.
Учрашувда ядро энергетикаси ва ядро физикаси соҳасидаги ҳамкорлик, радиация технологияларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот инфратузилмасини модернизация қилиш, ёш мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, илмий тажриба алмашиш, стажировкалар ташкил этиш, қўшма семинар ва конференциялар ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов икки томонлама илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Росатом”нинг 80 йиллиги муносабати билан юбилей медали билан тақдирланди.
Аввалроқ Содиқов РИА Новостига “Росатом” томонидан Ядро физикаси институтининг ВВР-СМ тадқиқот реактори учун ёқилғи етказиб берилиши республикага тинч ядро технологияларининг илғор йўналишларида фаол иштирок этиш имконини беришини маълум қилган эди.
Кўп йиллардан буён “Росатом”нинг ёқилғи дивизиони бошқарув компанияси “ТВЕЛ” АЖ ҳамда Фанлар академияси Ядро физикаси институти ядровий объектларни эксплуатациядан чиқариш ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Онкологияни камайтириш, юқори технологияли тиббиёт: Росатом билан стратегия ишлаб чиқилади