ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилаётган халқаро “Makkah Halal Forum 2026” кўргазмасида Ўзбекистондан 30 нафардан ортиқ тадбиркор “Made in Uzbekistan” ягона миллий стенди остида ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.
14–16 февраль кунлари давом этадиган форум ҳалол саноат соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчилар ва инвесторларни бир майдонга жамлади. 1200 кв.м ҳудудда ташкил этилган тадбирда 15 та давлатдан 130 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этмоқда.
На выставке "Makkah Halal Forum 2026" предприниматели из Узбекистана представляют свою продукцию
© Торгово-промышленная палата
Ўзбекистон миллий стенди 170 кв.мдан зиёд майдонни эгаллаган. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспортбоп маҳсулотлари — қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, турли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа тайёр товарлар тақдим этилди.
Мазкур иштирок Ўзбекистоннинг халқаро ҳалол бозоридаги имкониятларини намойиш этиш, янги шериклар топиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.