ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Қозоғистон Сенати Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Мўғулистон ўртасидаги вақтинчалик савдо битимини ратификация қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Сенати аппарати раҳбари Максим Споткай маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, сенаторлар томонидан маъқулланган ҳужжат савдони либераллаштириш ҳамда ўзаро савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Максим Споткайнинг сўзларига кўра:
келишув узайтириш имконияти билан уч йил муддатга тузилган;
дон, парранда гўшти, сут маҳсулотлари, ёғлар, қандолатчилик маҳсулотлари, металлургия ва кимё маҳсулотлари, транспорт воситалари каби кенг турдаги товарлар бўйича импорт божларини пасайтириш ёки нолга тенглаштириш назарда тутилган;
ҳамкорлик божхона тартиблари, электрон савдо, техник тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чораларини қамраб олади.
Шунингдек, битим қоидалари Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларига мос келиши ва барқарор савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилгани қайд этилди.