ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Чорвоқ сув омборида режалаштирилган, 10–20 йиллик истиқболга мўлжалланган "Sea Breeze" каби комплекс ҳудудий ривожлантириш лойиҳасида эскроу-ҳисоб орқали молиялаштириш механизми катта кредит юкини келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда лойиҳани амалга оширувчи “Agalarov Development” компанияси эгаси Эмин Агаларов РИА Кўчмас мулк агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, эскроу механизми қўлланилганда тахминан 10 миллиард доллар миқдорида қарз маблағлари талаб этилади. Бу эса 17–25 фоизлик кредит ставкалари шароитида лойиҳанинг молиявий юкини сезиларли ошириши мумкин.
Агаларовнинг таъкидлашича, айнан эскроу орқали ҳисоб-китоб қилиш бўйича мажбурий талаб “Agalarov Development”ни Россиядаги йирик турар-жой лойиҳаларига сармоя киритишдан тийиб турибди.
Эскроу нима?
Эскроу тизимида харидорлар маблағлари банкдаги махсус ҳисобда сақланади ва объект фойдаланишга топширилгандан кейин девелоперга ўтказилади. Механизм харидорларни ҳимоя қилишга қаратилган.
Эркин иқтисодий зона эҳтимоли
Инвестор лойиҳа доирасида эркин иқтисодий зона яратилиши эҳтимоли ҳақида ҳам фикр билдирди.
“Чорвоқда, 560 гектар майдонда 5 миллион квадрат метр кўчмас мулк қурилишини назарда тутувчи йирик девелоперлик лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқдамиз. Бундай ҳажмда биз давлат билан алоҳида шартлар бўйича музокаралар олиб борамиз. Дунёнинг турли мамлакатларида бундай эркин зоналар саноат ва уй-жой лойиҳалари учун мавжуд — бу одатий амалиёт,” — деди Агаларов.
300 миллион доллар ва 10 йиллик қайтариш
Унинг айтишича, 2025 йил август ойида республика Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани амалга ошириш бўйича қарорни тасдиқлаган. Лойиҳа жамоатчилик эшитувларидан ҳам ўтган, унда "Sea Breeze"нинг экологик жиҳати муҳокама қилинган.
Агаларов Чорвоқ сув омбори Тошкентни ичимлик суви билан таъминлашини таъкидлаб, аҳолининг сув тозалиги бўйича хавотирларига тушуниш билан қараётганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, давлат Чорвоқдаги тозалаш иншоотларини модернизация қилиш учун 300 миллион доллар сармоя киритади. Инвестор эса ушбу маблағларни 10 йил давомида сотилган ҳар бир квадрат метр учун тўланадиган инфратузилма йиғими орқали бюджетга қайтаради.
Тадбиркорнинг аниқлик киритишича, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишув имзолангандан сўнг, "Sea Breeze" лойиҳасини амалга оширишни дарҳол бошлашга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра эркин иқтисодий зона — махсус иқтисодий зоналарнинг бир тури бўлиб, тадбиркорлик фаолияти учун алоҳида ҳуқуқий режим ва махсус шарт-шароитлар жорий этиладиган ҳудуд ҳисобланади.