Янги Тошкент қандай бўлади ва Ўзбекистон қурилиш соҳасини нима кутмоқда

Индивидуал қурилишдан воз кечиш ва халқаро стандартларга мувофиқ экологик маркировкалаш –соҳа ривожланишининг янги модели Тошкентда бўлиб ўтган UzBuild ва ICCI 2026 кўргазмаларида тақдим этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Тошкентда 27-Ўзбекистон халқаро кўргазмаси “Қурилиш - UzBuild 2026” ўз ишини бошлади. Тадбир доирасида 7-Қурилиш саноати халқаро анжумани - ICCI 2026 ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Маърузачилар қаторида “Янги Тошкент” дирекцияси, халқаро консалтинг ва девелоперлик компаниялари вакиллари, шунингдек, архитектура, барқарор қурилиш ва экологик стандартлар соҳасидаги мутахассислар бўлди.
“Янги Тошкент” дирекцияси департаменти бошлиғи Азизбек Омонов қурилиш соҳасидаги асосий ўзгаришни — индивидуал уйлар қурилишидан комплекс қурилишга босқичма-босқичўтишни таъкидлади.
“Қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан биридир. Биз оммавий қурилиш, комплекс ёндашув ҳақида сўз юритмоқдамиз. Экологик тоза ва энергия тежайдиган материалларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ва, албатта, сейсмик барқарорлик — бу муҳим масаладир”, – деди мутахассис.
“Янги Тошкент” лойиҳаси Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида деярли 20 минг гектар майдонни қамраб олади. Шаҳар яшаш, сайёҳлик ва инвестиция маркази сифатида режалаштирилмоқда. Қорасув ва Чирчиқ дарёлари оралиғидаги жойлашуви, каналлар ва яшил ҳудудлар нафақат гўзаллик, балки микроиқлим ва инвестицион жозибадорликни шакллантириш воситасидир.
Энергетика ва барқарор ривожланиш бўйича етакчи маслаҳатчи Тимур Ахмедов лойиҳани инсонпарварлик нуқтаи назаридан таҳлил қилмоқда.

“Охир-оқибат, инсонга йўналтирилган қулай муҳит – одамларга мўлжалланган шаҳар барпо этилиши лозим. Одамлар автомобилга қарамликдан халос бўлиши керак: пиёда юриш, велосипед ҳайдаш, жамоат транспорти, метро, трамвайдан фойдаланиш – биз айнан шуларни мақсад қилганмиз. Агар тизим тўғри қурилса, у камроқ энергия ва сув сарфлайди – бу эса бевосита оила бюджетига ижобий таъсир кўрсатади”, – дея фикр билдирди Тимур Ахмедов.

Янги Тошкент биноларида газ бўлмайди - иморатлар бутунлай электр билан таъминланади. Шунингдек, марказлаштирилган иситиш ва кондиционерлаш тизимлари ҳам режалаштирилган. “Ўн беш дақиқалик шаҳар” ғояси кундалик хизматлардан пиёда масофада фойдаланиш имкониятини назарда тутади.
"Boston Consulting Group" компаниясининг Марказий Осиё бўйича лойиҳалар директори Павел Золотарёв Янги Тошкентга кенг минтақавий нуқтаи назардан эътибор қаратмоқда.
“Янги Тошкент”нинг биринчи босқичи Манхеттен ҳажмида, мақсадли миқёси эса иккита Париж катталигида бўлади. Бу қувватлардан тўлиқ фойдаланиш, янги технологияларга талаб ва узоқ муддатли шартномаларни англатади. Барчамизга “Янги Тошкент” керак”, - дейди Золотарёв.
Унинг баҳолашича, Марказий Осиёда бир вақтнинг ўзида умумий инвестиция ҳажми тахминан 90 миллиард долларлик саккизта янги шаҳар лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу капитал, истеъдодлар ва тўловга қодир талаб учун рақобатдир.
Анжуманнинг алоҳида қисми экологик маркировкага бағишланди. “Yashil belgi” тизимининг раҳбари Евгения Кузнецова миллий экомаркировканинг халқаро интеграцияси ҳақида маълумот берди.

“Биз бир қатор мамлакатлар билан стандартларни мувофиқлаштирдик. Ўттиздан ортиқ мамлакат бундай маркировкаларни ўзаро тан олади. Бу йил биз ушбу ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзосига айланамиз. Бу халқаро миқёсда ишонч ва эътирофга эришганимизни англатади”, - деди Кузнецова.

Унинг айтишича, маркировка давлатнинг “яшил” харид тизими билан боғланади ва тендерларда қўшимча балларга эга бўлади. Гипсокартон ва қурилиш плиталарини ўз ичига олган етти маҳсулот гуруҳи учун янги стандартлар ишлаб чиқилди.
Кўргазманинг ўзида Россия экспорт маркази томонидан ташкил этилган “Made in Russia” жамоавий стенди фаол иш олиб борди.

“Биринчи кунда 100 тага яқин учрашув бўлиб ўтди. Баъзи компаниялар аллақачон шартномалар тузишнирежалаштирмоқда. Имкониятлар жуда катта. Россия компаниялари энг истиқболли йўналишлар - хоналараро эшиклардан тортиб офис мебелларигача бўлган соҳаларда танлаб олинди”, – деди марказ вакили Максим Ненашев.

Кўргазма 12 февралга қадар “Ўзэкспомарказ” павильонларида давом этади.
"UzBuild 2026"да “Made in Russia”: Ўзбекистон билан ҳамкорлик учун янги имкониятлар