ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) президенти Цзоу Цзяи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан стратегик шериклигини кенгайтиришнинг амалий масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Президент хусусий сектор, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш, камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширишга кўмаклашиш, муқобил энергетика, энергия самарадорлиги, сув таъминоти, ижтимоий хизматни ривожлантириш каби устувор соҳаларда самарали ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
ОИИБнинг минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилмавий лойиҳаларда фаол иштирок этиши муҳимлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, Цзоу Цзяи Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини билдирди.