IJF Диёра Келдиёрова очган дзюдо клубини "Энг яхши болалар лойиҳаси" деб топди

Парижда ўтган халқаро тақдирлаш маросимида ўзбекистонлик чемпион бошлаган ташаббус болалар спортини қўллаб-қувватлашда намуна сифатида алоҳида эътироф этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Диёра Келдиёрова асос солган болалар дзюдо клуби International Judo Federation (IJF) томонидан "Болалар учун энг яхши лойиҳа" деб эътироф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Тақдирлаш маросими "Paris Grand Slam" доирасида бўлиб ўтди. Унда IJF 2025 йил лауреатларини эълон қилди ва Келдиёрова ташкил этган клуб алоҳида мукофотга сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Келдиёрова 2024 йил 28 июль куни Парижда ўтган Ёзги Олимпиада ўйинларида тарихий натижа қайд этган эди. У 1/16 финалда япониялик Ута Абэни иппон баҳоси билан мағлуб этди. Финалда эса косоволик Дистрия Красничини енгиб, Олимпия чемпионига айланди.

Шу тариқа, у дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида кумуш, Олимпиадада эса олтин медал қўлга киритган илк ўзбекистонлик аёл спортчи сифатида тарихга кирди.
2024 йилда Диёра Келдиёрова Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенглиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланган.
Ўзбекистон спортчилари Хорватия, Хитой ва Саудия Арабистонида медаллар қўлга киритди