ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. 2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Бу тадбирлар Президент қарорида кўрсатилган.
Қарорга мувофиқ, Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги молиявий инструментлар жорий этилади:
Уста деҳқонлар учун субсидиялар
Ҳар 10 та хонадонни юқори даромадли маҳсулот етиштиришга ихтисослаштиргани учун — 2 миллион сўм;
Маҳалладаги хонадонларнинг камида 30 фоизини ихтисослаштиргани учун — 75 миллион сўм.
Боғларни янгилаш ва барпо этиш
Томорқа ва ижара ерларида самарасиз эски боғларни реконструкция қилиш ва янги боғлар барпо этиш учун:
Сертификатга эга мевали кўчат нархининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир кўчат учун 30 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
Ҳар бир ўрнатилган тиргак (устун) нархининг 50 фоизи, бироқ 70 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
Ҳар бир сотихга ёмғир сувини йиғиш ва (ёки) томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун 160 минг сўмгача.
Сув танқис ҳудудлар учун
Сув таъминоти оғир бўлган жойларда томорқа ва ижара ерларини суғориш мақсадида:
Тик қудуқ бурғилаш;
Қуввати 10 кВтдан кам бўлмаган қуёш панели ўрнатиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ 200 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.