ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан биргаликда қўшма бизнес форумида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбирда икки мамлакатнинг 300 тадан ортиқ етакчи саноат корхоналари ва савдо компаниялари, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармонлик тузилмалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев вместе с премьер-министром Пакистана Шахбазом Шарифом принял участие в совместном бизнес-форуме
© Пресс-служба президента Узбекистана
Мирзиёев ўз нутқида олий даражадаги музокаралар Ўзбекистон – Покистон муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий жиҳатдан ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўзаро алоқалар тарихида илк бор иқтисодий ҳамкорликка янги сифат бағишлаш ва савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказишни назарда тутувчи баённома имзоланди.
Таъкидланишича, икки мамлакат мутасаддиларига комплекс “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал этиш механизмини жорий қилиш топширилди.
Ўзбекистон президенти иқтисодий шерикликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия тармоғи ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш шулар жумласидан.
Покистон компаниялари Ўзбекистондаги дори воситалари, биотехнологиялар ва тиббий асбоб-ускуналарни маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди. Тошкент фармацевтика паркида покистонлик инвесторлар учун қулай шароитлар яратилади.
Халқаро брендлар учун тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришда катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга бериш ва покистонлик ҳамкорлар учун алоҳида чарм саноати зоналарини ташкил этишга тайёр.
Гўшт, картошка ва гуручни биргаликда етиштириш, шунингдек, уруғчилик ва селекция соҳасида Покистон Миллий геномика институти билан шериклик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев вместе с премьер-министром Пакистана Шахбазом Шарифом принял участие в совместном бизнес-форуме
© Пресс-служба президента Узбекистана
Жорий йилнинг апрель ойидан Карачига юк рейслари ва Лаҳорга тўғридан-тўғри йўловчи рейслари йўлга қўйилади.
Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда биринчи Ҳудудлараро форумни ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон етакчиси ва Покистон бош вазири эришилган келишувлар тўғрисида алоҳида баённомани имзолади. Унда амалга ошириш муддатлари ҳамда икки мамлакатнинг бунинг учун масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари белгилаб олинди.