ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Ўзбекистонда давлат органлари, муассасалари ва давлат иштирокидаги ташкилотлар, уларнинг мансабдорларининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш фаолиятини баҳолаш ва тоифалаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом талаблари давлат ташкилотлари ходимларининг Президент Виртуал қабулхонаси билан ишлаш тизимида рўйхатга олинган ва давлат органига ижро учун йўналтирилган мурожаатларга нисбатан татбиқ этилади.
Давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти қуйидаги мурожаатлар сонидан келиб чиқиб тоифаларга ажратилади:
рўйхатга олинган;
қаноатлантирилган;
рад этилган;
ижро муддатлари бузилган;
такрорий.
Мурожаатлар билан ишлаш фаолияти таҳлил натижаларига асосан 3 тоифага ажратилади:
юқори натижадорликка эга - яшил тоифа;
ўрта натижадорликка эга - сариқ тоифа;
паст натижадорликка эга - қизил тоифа.
Баҳолаш натижаларига кўра давлат органлари мансабдор шахсларининг KPI кўрсаткичлари қуйидагича белгиланади:
яшил тоифа - 100 фоиз;
сариқ тоифа - 50 фоиз;
қизил тоифа - 10 фоиз.
"Қизил" тоифага киритилган давлат органларининг раҳбарлари ёки уларнинг тегишли ўринбосарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилиши мумкин.