Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади

Мамлакатда ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Жорий йилда Ўзбекистонда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади. Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинади ва бунда таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар уюштирилади.
Қуйидагиларни назарда тутувчи 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси” тасдиқланди, жумладан:
9–10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;
“Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш;
“Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси”, “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” китоб-альбомларини яратиш;
Темурийлар даври манбалари электрон платформасини яратиш.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.
Темурийлар тарихи давлат музейи: Буюк Амир Темур меросига сайёҳат