Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Трамп вакили: Россия – Украина – АҚШ музокаралари натижа бера бошлади

Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ музокаралари ўтди. Стивен Уиткофф 314 маҳбус алмашинуви келишувини маълум қилди, Зеленский эса яқин вақтда навбатдаги учрашув бўлишини билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Бирлашган Араб Амирлиги пойтахти Абу-Дабида чоршанба ва пайшанба кунлари Россия, АҚШ ва Украина делегациялари иштирокида Украина масаласи бўйича музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди.
Музокаралар ёпиқ форматда, оммавий ахборот воситалари иштирокисиз ўтказилди. Биринчи раунд 23–24 январь кунлари шу ерда ташкил этилган эди.
АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткоффнинг маълум қилишича, яқин ҳафталарда можарони ҳал этиш бўйича музокараларда қўшимча силжишлар бўлишини кутилмоқда. Унинг таъкидлашича, мулоқот давом эттирилади ва дипломатик ҳаракатлар натижа бера бошлаган.
Музокаралар давомида томонлар маҳбуслар алмашинувига келишиб олди. Уиткоффнинг маълум қилишича, беш ой ичида биринчи марта 314 нафар маҳбусни алмашиш бўйича келишувга эришилган.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, 5 февраль куни Киев назорати остидаги ҳудуддан 157 нафар россиялик ҳарбий хизматчи қайтарилган. Бунинг эвазига 157 нафар Украина Қуролли кучлари ҳарбий асири Украина томонига топширилган.
Владимир Зеленскийнинг айтишича, яқин орада Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича Россия билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтади.

"Кейинги учрашувга келсак, у бўлади. Кейинги учрашув яқин вақт ичида ўтказилишига келишиб олдик", - деди Зеленский брифингда.

Томонлар музокараларни самарали деб баҳолаб, ҳали олдинда кўп иш борлигини қайд этмоқда.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
АҚШ музокаралар бўйича 15 майгача муддат қўйди - украиналик депутат