Ўзбекистон–Покистон иқтисодий ҳамкорлиги: Кудратов Исломободда қандай келишувларга эришди

Музокаралар якунларида логистика йўлаги, тўқимачилик ва фармацевтикада қўшма лойиҳаларга келишилди, шунингдек, Трансафғон темир йўли лойиҳасини ривожлантириш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Исломобод шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Покистоннинг етакчи компаниялари билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Музокаралар якунларига кўра, қатор йирик қўшма лойиҳалар ва шартномалар портфели шакллантирилди.
2026 йил 30 январдан 2 февралгача бўлиб ўтган учрашувлар доирасида "National Logistics Cell", "Habib Rafiq", "HRL Group", "National Fruit", "Engro", "National Radio & Telecommunication Corporation", "Fatima Group", "Herbion", шунингдек, "Diamond Group", "Diners", "Hub Leather", "Siddiq Leather" ва "Royal Leather" компаниялари билан музокаралар олиб борилди.

Томонлар “Карачи – Қашғар – Ўш – Андижон” муқобил йўналишини ривожлантириш, тўқимачиликда қўшма корхоналар ташкил этиш, геология, фармацевтика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.

2 февраль куни Лазиз Кудратов иштирокида Ҳукуматлараро комиссиянинг 10-йиғилиши ўтказилди. Унда ҳамкорликнинг стратегик хусусияти тасдиқланиб, Трансафғон темир йўли бўйича дала ишларини бошлаш ҳамда Комиссия фаолиятини янги форматда мунтазам йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди.
Ўзбекистон ва Покистон ТИВ ўринбосарлари учрашуви: нималар муҳокама қилинди?