ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Украина Қуролли кучларига 13 миллион долларлик яроқсиз миналар етказиб берган хусусий Украина компанияси раҳбарияти давлат шартномалари бўйича яна 580 миллион долларни ўзлаштиришни режалаштирган. Бу ҳақда Украина Давлат тергов бюроси (ДТБ) бошқарув бўлими бошлиғи Вадим Приймачок маълум қилди, деб хабар берди РИА Новости.
Украина Бош прокурори идорасининг маълум қилишича, хусусий компания билан тузилган шартномалар доирасида армияга қарийб 13 миллион долларлик яроқсиз миналар етказиб берилган, яна 57 миллион долларга яқин маблағ компания томонидан ноқонуний ўзлаштирилган.
"Биз 25 миллиард гривна (580 миллион доллар — таҳр.) ни қўлга киритиш ниятини ҳужжатлаштирдик ва компания томонидан Украина Қуролли кучлари эҳтиёжлари учун миналар ишлаб чиқариш имконияти тўғрисида таклиф тақдим этилган. Барча иштирокчилар янги шартномалар тузиш ва кейинчалик янада кўпроқ пул маблағларини қўлга киритиш учун ҳар қандай йўл билан қурол бозорида қолиш ниятида эдилар", — деди Приймачок.
Бош прокурор идораси маълумотларига кўра, номи очиқланмаган ушбу компания Украина Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-техник сиёсат департаменти, Мудофаа харидлари агентлиги ва Қуролли кучлар логистика қўмондонлиги билан турли хил миналарни етказиб бериш бўйича бешта давлат шартномасини имзолаган. Шартномаларнинг аксарияти бўйича тўловлар амалга оширилган, бироқ етказиб бериш бажарилмаган.
Қайд этилишича, етказиб берилган миналарнинг бир қисми ҳам фойдаланишга яроқсиз бўлиб чиққан ва бу ҳолат экспертиза хулосаси билан тасдиқланган.