ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Россия пойтахти Москва шаҳрида NAIS-2026 Миллий авиация инфратузилмаси кўргазмаси бошланди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Кўргазмада инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва таъмирлаш, авиация саноати, ҳаво кемалари ва йўловчиларга ер усти хизмат кўрсатиш, перрон, аэродромларни жиҳозлаш, йўловчи ва юк терминалларини ускуналаш, ҳаво ҳаракатини бошқариш, АТ, алоқа ечимлари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Хусусан, Ми-34М1 енгил кўп мақсадли вертолёти биринчи марта тақдим этилди. У янги ВК-650В двигатели билан жиҳозланган бўлиб, 1 учувчи ва 3 йўловчига мўлжалланган, максимал тезлиги 220 км/соат. Вертолёт ташиш, мониторинг ва парвоз машғулотлари учун мўлжалланган.
В Москве стартовала Национальная выставка авиационной инфраструктуры NAIS-2026
© Sputnik
Шунингдек, Россия ишлаб чиқарувчиси Ўзбекистон ва Қирғизистонга 3-тоифали ёруғлик сигнал ускуналарини етказиб беришга тайёр эканини маълум қилди. Бундай ускуналар кучли туман каби мураккаб об-ҳаво шароитида парвозлар хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради.
NAIS-2026 доирасида Россия бош вазири ўринбосари Виталий Савельев Ил-114-300 минтақавий самолёти бўйича илк шартномалар февраль охиригача имзоланишини айтди.
Бундан ташқари, Ижевск авиация заводи вакили Антон Шустовнинг сўзларига кўра, “SKAT 350M” учувчисиз учиш аппаратига яқин хориж давлатлари қизиқиш билдирмоқда. Ушбу дрон ёнғин ўчоқларини аниқлаш, ноқонуний чиқиндихоналарни топиш, браконьерларга қарши кураш ва катта ҳудудларни мониторинг қилишда қўлланилиши мумкин.