Ижтимоий реестр: оилалар 3 тоифага ажратилади, нафақа тартиби ўзгарди

Янги тартибга кўра, реестрдаги оилалар тоифаларга ажратилиб, болалар нафақаси уларнинг ижтимоий ҳолатига қараб тўланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Мирсаатов Жасур 1 февралдан жорий этилган Ижтимоий реестр оилаларни қандай тоифаларга ажратиши ва болалар нафақаси тартибига киритилган ўзгаришлар юзасидан маълумот берди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Мирсаатовнинг тушунтиришича, оилалар уч тоифага ажратилади:
Давлат таъминотидаги оилалар — оила аъзолари орасида меҳнатга лаёқатсиз шахслар бор ва ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан кам.
Камбағал оилалар — оила аъзолари меҳнат қилиш имкониятига эга, аммо ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан бир бараварга кам.
Камбағаллик чегарасидаги оилалар — ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача.
Болалар нафақаси қандай тўланади?
Янги тартибга кўра, давлат таъминотидаги оилаларга болалар нафақаси оила реестрдан чиққунига қадар узлуксиз тўлаб борилади. Илгари бу муддат 12 ой билан чекланган эди.
Камбағал оилаларга нафақа 6 ой давомида тўланади. Шундан сўнг оила аъзоларидан расмий бандлик талаб этилади.
Камбағаллик чегарасидаги оилаларга эса нафақа 6 ой давомида оиланинг даромадига қараб 50 фоиздан 75 фоизгача миқдорда тўлаб берилади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда минимал истеъмол харажатлари — 669 минг сўмни ташкил қилади.
Ижтимоий реестр: оилалар муаммолари индивидуал режа асосида ҳал этилади