Ижтимоий реестр: оилалар муаммолари индивидуал режа асосида ҳал этилади

Янги тартибга кўра, реестрга киритилган оилалар эҳтиёжи ўрганилиб, уларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида индивидуал режалар ишлаб чиқилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Энди эҳтиёжманд оилалар уч тоифага ажратилади: давлат таъминотидаги оилалар, камбағал оилалар ва камбағаллик чегарасидаги оилалар. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассиси Ўрозбек Исмоилов маълум қилди, дея хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

"Президент фармони билан мамлакатда 1 февралдан бошлаб ижтимоий реестр жорий этилиши кўзда тутилган. Реестрга кирган оиланинг ижтимоий—иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича сўровнома ўтказилади. Оиланинг эҳтиёжлардан келиб чиқиб оила учун индивидуал режа ишлаб чиқилади", — деди Ўрозбек Исмоилов.

Таъкидланишича, индивидуал режа асосида оиланинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, давлат таъминотидаги, камбағал ва оғир ҳаётий вазиятга тушган оилаларни аниқлаш ва ягона мезонлар асосида баҳолаш орқали давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.
Оилаларни камбағал ва давлат таъминотидаги тоифаларга ажратиш тартиби белгиланди