ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп Украина масаласини ҳал қилиш бўйича музокараларда яхши янгиликлар кутилаётганини айтди.
“Бизда кўп нарсалар содир бўлмоқда… Менимча, Украина ва Россия бўйича ишлар жуда яхши кетмоқда. Яхши янгиликлар бўлиши мумкин”, — деди Трамп Оқ уйдаги маросимда.
Шунингдек, Трамп БМТни Украинадаги можарони ҳал қилиш жараёнига паст даражада жалб этилгани учун танқид қилди ва яна бир бор НАТО Украинага юборилган ракеталар учун АҚШга пул тўлаётганлигини, бу эса Вашингтонга даромад олиш имконини беришини айтди.
Трампнинг бошқа баёнотлари:
Вашингтон Куба етакчилари билан музокаралар олиб бормоқда;
Эрон томон йўл олган АҚШ кучлари тез орада минтақага етиб келади;
Оқ уй Эронга нисбатан кейинги қадамларини очиқламайди;
Европада Америка кучларини қисқартириш режалаштирилмаган;
Трамп Эпштейн иши бўйича унга саволлар йўқлигига ишонч билдирди.
Ўтган ой охирида Америка вакиллари иштирокида уч томонлама ишчи гуруҳ музокараларининг биринчи раунди бўлиб ўтди. Ёпиқ тарзда Вашингтон таклиф қилган тинчлик режасининг ҳал этилмаган масалалари муҳокама қилинган. Навбатдаги учрашувлар 4–5 февралга белгиланган.
Хорижий ОАВ маълумотларига кўра, Вашингтон таклиф қилаётган тинчлик ташаббуси бир қатор ҳудудий ва ҳарбий масалаларни қамраб олади. Унда Қрим ва Донбассни Россия таркиби сифатида тан олиш, фронт чизиқларининг катта қисмини “музлатиш” назарда тутилган.
Шунингдек, режада Украина Қуролли кучлари сонини икки бараварга қисқартириш, Украина ҳудудида хорижий қўшинлар ва узоқ масофали қуролларни жойлаштиришни тақиқлаш таклиф этилмоқда.
БААдаги учрашувдан олдин Россия президенти Владимир Путин Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф бошчилигидаги делегация билан музокара ўтказган.
Кремл баёнотига кўра, ҳудудий масала ҳал этилмасдан туриб узоқ муддатли келишувга эришиш қийин. Москва учун Украина Қуролли кучларининг Донбассдан чиқиши муҳим шарт сифатида кўрилмоқда.