ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбек маҳсулотларини Бирлашган Араб Амирлигининг “Лулу” савдо тармоқларига жойлаштириш ҳамда Ўзбекистондан тўғридан-тўғри етказиб беришни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 26-30 январь кунлари Ўзбекистон делегацияси Дубай шаҳрида бўлиб ўтган "Gulfood 2026" халқаро кўргазмасида иштирок этди.
“Made in Uzbekistan” миллий стендида 60 тадан ортиқ маҳаллий корхона озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавот, дуккакли экинлар ва қуритилган мевалар бўйича экспорт салоҳиятини намойиш қилди. БАА, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази мамлакатларининг 20 тадан ортиқ етакчи ритейлер ва дистрибьюторлари, жумладан, "Lulu Group", "Sunberry Vegetables" ва "Ali Bin Ali Holding" билан музокаралар ўтказилди.
БАА ва Қатар ҳамкорлари билан янги бозорларга чиқиш механизмлари ҳамда экспортёрлар тўловларини босқичма-босқич шакллантириш масалалари келишиб олинди.
Шунингдек, БАА Ташқи савдо вазирлиги билан Кенг қамровли иқтисодий шериклик тўғрисидаги битим — CEPA лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борилди. Томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва жорий йил давомида 500 тадан ортиқ товар позицияси бўйича преференциал савдо шартларини жорий этишга келишиб олди.