ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани орасидаги 40 гектар бўш ер майдонида Янги Жиззах шаҳри барпо этилади. Бу президент қарорида 2026–2027 йилларда Жиззах вилоятини ривожлантириш дастури доирасида белгиланган.
Янги шаҳарда 1 200 хонадонли 50 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
Қарорга кўра, вилоятни ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари қуйидагича белгиланди:
ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини йиллик ўртача 8,5 фоизга ошириш;
саноат ишлаб чиқаришини 7,8 фоизга, хизматлар ҳажмини 13,2 фоизга, қишлоқ хўжалигини 4,6 фоизга кўпайтириш;
2026 йилда ишсизлик даражасини 3 фоизга, камбағалликни 2,8 фоизга тушириш.
Шунингдек, Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Зомин ва Зафаробод туманларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган.
Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Фориш ва бошқа туманлардаги 57 та боғдорчиликка ихтисослашган маҳаллаларда 5 минг гектар эски боғ ва токзорлар янгиланади.
Шароф Рашидов, Дўстлик, Ғаллаорол, Арнасой ва Зафаробод туманларида 40 та маҳаллани қамраб олувчи 5 та тадбиркорлик маркази ташкил этилади.