ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Исломобод шаҳрида Ўзбекистон ва Покистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 9-давраси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Покистон томонига эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Саид Али Асад Ғилоний раҳбарлик қилди.
Музокараларда савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика каби соҳалардаги мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, жорий йилда режалаштирилган турли даражадаги ташрифлар, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес-форум, миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда маданий тадбирларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар икки томонлама кун тартибидаги масалалар бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари ўртасида яқин мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.