ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича дастлабки маълумотларга кўра, 15-31 январь кунлари Ўзбекистонда жами хонадонларнинг 82,3 фоизида истиқомат қилувчи 30 миллиондан ортиқ аҳоли онлайн рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда тадбирнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Таққослаш учун: Қозоғистонда 60 кунда аҳолининг 40 фоизи, Беларусда 25 кунда 22 фоизи, Россияда 31 кунда 16 фоизи онлайн рўйхатдан ўтган.
Саволномани тўлдирмаган ёки хатолик билан тўлдирган фуқаролар учун иккинчи босқич 4-28 февраль кунлари ўтказилади. Унда "маҳалла еттилиги" вакиллари уйма уй юриб, маълумотларни планшетлар орқали census.stat.uz платформасига киритади.
Тайёргарлик доирасида республика бўйича 7,6 миллиондан ортиқ турар жойнинг GPS-координаталари аниқлаштирилди. Жараёнга жалб этилган 55 мингдан ортиқ ходим уч босқичли тренингдан ўтган. Натижалар ишончлилигини таъминлаш учун 10–15 фоиз ҳажмда қайта текширув ўтказилади.
Ахборот тизими учун зарур сервер қувватлари ажратилган, киберхавфсизлик чоралари кўрилган. Маълумотлар қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади ва фақат статистик мақсадларда қўлланади. Улар солиқ ёки назорат органларига берилмайди.
Рўйхатга олиш натижалари демографик, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатни тўлиқ акс эттирувчи маълумотлар базасини шакллантиради. Бу маълумотлар мактаб, боғча, шифохона ва йўл каби объектларни қаерда қуриш, шунингдек, тараққиёт стратегияларини ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади.
Дастлабки натижалар жорий йилнинг 1 июлигача, якуний маълумотлар эса 2027 йил 1 июлигача эълон қилинади.