2026 йил 1 мартдан фуқаролар яшаш жойи бўйича рўйхат (прописка) маълумотларидаги хатоларни онлайн тарзда тўғрилаш имкониятига эга бўлади. Ушбу тартиб 30 январда имзоланган ҳукумат қарори билан жорий этилди.
Ҳужжатга кўра, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уй манзилида рўйхатда турган шахслар ҳақидаги маълумотларни текшириш ва уларни тўғрилаш мумкин бўлади. Бунинг учун Ички ишлар органларига шахсан мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Янги тартиб мулкдорларга ўз уйида кимлар рўйхатда турганини аниқлаш, нотўғри киритилган маълумотларни бартараф этиш, шунингдек, манзил билан боғлиқ хатоларни қисқа муддатда тўғрилаш имконини беради.
Қарорга мувофиқ, мурожаатлар автоматик равишда давлат ахборот тизимлари орқали текширилади. Жумладан, “Манзил” ахборот тизими, ИИВ маълумотлар базалари, суд қарорлари, маҳалла маълумотлари, ФҲДЁ ягона электрон архиви ҳамда кадастр ахборотлари ўзаро интеграция қилинади.
Аксарият ҳолатларда сўровлар реал вақтда кўриб чиқилади, айрим ҳолатларда эса бир иш куни ичида жавоб берилади.
Хизмат бепул бўлиб, натижада фуқарога QR-кодли “Қайд варағи” ёки манзил бўйича рўйхатдан ўтган шахслар ҳақида маълумотнома тақдим этилади.