Амударё суви: Ўзбекистон ва Туркманистон янги келишувларга эришди

Томонлар Амударё бўйлаб сувдан самарали фойдаланиш, қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва илмий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Хива шаҳрида сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек–туркман Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сув хўжалиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Ш.Ғаниев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг агросаноат комплекси масалалари бўйича ўринбосари Т.Атахаллиев бошчилигидаги делегациялар иштирок этди.
Томонлар 2024 йил 30 апрелда Туркманобод шаҳрида ўтган тўртинчи йиғилиш қарорлари ижросини муҳокама қилиб, амалга оширилган ишлардан қониқиш билдирди.
2025–2026 йиллар наввегетация даврида иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлаш мақсадида “Амударё” сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон сув хўжалиги объектларини хатловдан ўтказиш учун қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишилди.
Шунингдек, “Амударё” бўйлаб сув йўқотилишини камайтириш, тўсиқсиз сув ўтишини таъминлаш, қирғоқ мустаҳкамлаш ва ўзанни текислаш ишларини мувофиқлаштириш, сел-тошқин хавфини камайтириш чоралари муҳокама қилинди.
Томонлар илмий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, “Сувчилар мактаби” платформасида туркман мутахассисларининг иштирокини таъминлаш ва қўшма илмий-лойиҳа ишларини амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.
Қўшма комиссиянинг олтинчи йиғилиши Туркманистонда ўтказилишига келишилди. Якунда тегишли баённома имзоланди.
Сўнгги ўн йилда Марказий Осиёда сув қанчалик камайди — БМТ таҳлили