Туркияда Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрганлар учун қурган турар жой мажмуаси очилди

2023 йилдаги зилзиладан жабр кўрган оилалар учун қурилган ушбу мажмуа 300 дан ортиқ квартирали 24 та бинодан иборат.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 янв – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқарага расмий ташриф доирасида Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган "Ўзбекистон" турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Мирзиёев уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлади.
Маълум қилинишича, қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.
Ўзбекистон қисқа муддатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 тадан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуасини барпо этди.
“Туркия президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади”, - дейилган ҳабарда.
Етакчилар лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ва барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдиришди.
1 / 8
2 / 8
3 / 8
4 / 8
5 / 8
6 / 8
7 / 8
8 / 8
Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширишди.
Шунингдек, президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб бердилар. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўлади.
Қайд этилишича, янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига ўз она тилида таълим олиши билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.
Томонлар мактаб икки халқни бир-бирига яқинлаштиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил феврала Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Биноларнинг вайрон бўлиши 50 мингдан зиёд инсоннинг ўлимига сабаб бўлди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида қандай ҳужжатлар имзоланди – рўйхат