ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга расмий ташриф билан Анқара шаҳрига келди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Эсенбоға” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ва рафиқаси кутиб олди.
Давлат раҳбарлари ва биринчи хонимлар қисқа учрашув ўтказдилар.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Бугун Оқсарой қароргоҳида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Музокараларда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика, маданият, гуманитар соҳа ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилади.
Анқара шаҳридаги тадбирлар доирасида Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиши ва Истанбулда ўзбек мактабининг қурилишини бошлашга бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтади.