ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Украина армияси таркибида жанг қилаётган колумбиялик ёлланма аскар La FM радиостанциясига у билан бирга Украинага келган 120 кишилик гуруҳдан ҳозир деярли ҳеч ким омон қолмаганини маълум қилди.
"Биз тахминан 120 кишилик гуруҳ бўлиб келдик. Бу 120 кишидан бугунги кунда ўн нафари ҳам яроқли эмас, чунки кўпчилик ҳалок бўлди, яраланди, оёқ-қўлларидан айрилди", — деди ёлланма аскар.
La FM хабарига кўра, ёлланма аскарларни ёллаш Богота шаҳрининг бир нечта туманлари ва пойтахт атрофидаги сохта фирмалар орқали амалга оширилмоқда. Радиостанция истеъфодаги ҳарбийлардан бирининг сўзларини келтиради. Унинг айтишича, ёлловчилар катта гонорар ваъда қилиб, ёлғон маълумотлар орқали одамларни Украинага жалб қилмоқда.
Маълум қилинишича, кўплаб колумбияликлар Украинада тайёргарлик ва ўқиш босқичидаёқ ҳалок бўлмоқда. Хусусан, ёлланма жангчининг сўзларига кўра, у 300 нафардан ортиқ бошқа жангарилар билан бирга бўлган ҳарбий қисм ҳудудига зарба берилган. Натижада уларнинг кўпчилиги ҳалок бўлган ёки оғир яраланган.
Материалда айтилишича, Херсон йўналишида Украина армияси таркибидаги колумбиялик ёлланма аскарлар ўлими, айниқса юқори.
Шунингдек, радиостанция яна бир колумбиялик ёлланма аскарнинг сўзларини келтиради. Унинг таъкидлашича, Украинани тарк этиш жуда қийин, чунки фронтдан қочган ёлланма аскарлар ҳибсга олиниб, жанговар позицияларга қайта юборилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги бир неча бор Киев хорижлик ёлланма аскарлардан “тўп еми” сифатида фойдаланаётганини таъкидлаган. Пул учун урушга келган айрим ёлланма аскарлар ҳам интервьюларда украиналик ҳарбийлар ҳаракатларини яхши мувофиқлаштира олмаслигини ва жангларда омон қолиш имконияти камлигини айтган.