Аутодонорлик тартиби белгиланди: у қандай ҳолларда амалга оширилади

Аутодонорлик бепул тарзда амалга оширилади. Қонни операциядан 30 кун олдин, тайёргарлик пайтида ёки амалиёт давомида топшириш мумкин, бироқ тиббий кўрсаткичлар мажбурий текширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Эндиликда фуқаро ёки унинг қонуний вакили бегона қон қуйишни рад этса, у жарроҳлик амалиёти пайтида ўзига ишлатиш учун қонни олдиндан топшириши мумкин. Бу тартибни назарда тутувчи низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу амалиёт, яъни аутодонорлик, донор ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида операция ўтказиладиган тиббиёт муассасасида бепул амалга оширилади.
Бу тартиб, шунингдек, қуйидаги ҳолларда ҳам қўлланади:
бегона қон қуйиш имкони бўлмаса;
донорнинг қон гуруҳи кам учрайдиган бўлса.
Қон топшириш қуйидаги вақтларда амалга оширилиши мумкин:
жарроҳлик амалиётидан кўпи билан 30 кун олдин;
жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёнида (1–2 соат олдин);
жарроҳлик амалиёти давомида (олдиндан ёзма розилик билан).
Аутодонорликдан олдин қон лаборатория текширувидан ўтказилади. Агар донорда ОИВ (ОИТС), В ёки С гепатити, захм касаллиги аниқланса ёки гематокрит кўрсаткичи 25 фоиздан паст бўлса, аутодонорликка йўл қўйилмайди.
Қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида янги тизим йўлга қўйилади