ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев Беларусь бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко билан учрашди.
Беларусь делегацияси таркибига саноат, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат идоралари, “Беллесбумпром” концерни ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари кирди.
Томонлар саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, ёғочни қайта ишлаш ва фармацевтика соҳаларидаги лойиҳаларни муҳокама қилди. Қайд этилишича, 2025 йилнинг 11 ойи якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 30 фоиздан ортиқ ўсган.
Учрашувда жорий йилга мўлжалланган қўшма ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми ва “Иннопром” кўргазмаларида иштирок масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида Юрий Шулейко қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан ҳам учрашди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни устувор йўналишларда янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.