ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда кадрлар қўнимсизлигини камайтириш ва профилактика инспекторларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўзда тутилган чора-тадбирларга тўхталди.
Давлат раҳбари суҳбатлар давомида уларнинг моддий ва ижтимоий муаммолари тўпланиб қолгани маълум бўлганлигини айтиб ўтди.
Шу боис 1 июлдан пойтахтдаги профилактика ходимларига кўп йиллик стажи учун 5 миллион сўмгача ойлик устама берилади. 1 февралдан юридик олийгоҳда ўқиган давр стажга қўшилади. Вилоятдан келган ходимлар учун уй ижараси тўлови 3,1 миллион сўмгача оширилади ва ходимлар учун қурилаётган уйларнинг 30 фоизи профилактика инспекторларига ажратилади.
Ҳуқуқ-тартибот тизимида патруль, йўл-патруль, профилактика ва қўриқлаш хизматларини ягона тизим сифатида ишлатиш бўйича фармон лойиҳаси киритилади. Бу бўлинмалар учун хизмат, муомала маданияти ва тезкорлик бўйича ягона стандартлар жорий этилади.
Тергов сифатини ошириш мақсадида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида кадр тайёрланмоқда. Бироқ пойтахтда 100 та терговчи лавозими вакант экани танқид қилинди. Терговчилар ҳудудий раҳбарлардан мустақил ишлаши кераклиги қайд этилди.
Мутасаддиларга тергов органлари штатини қайта кўриб чиқиш ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини “ҳуқуқий аудит”дан ўтказиш тизими жорий этилади. “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, адлия органларининг роли ва ваколатлари аниқ белгиланади.