ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиётга қарши таъсирчан чоралар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот тизими бу ўзгаришларга мос ишламаётганини танқид қилди. Профилактика инспекторлари асосий вазифаси ўрнига бошқа ишларга жалб этилаётгани қайд этилди.
Маълум қилинишича, ўтган йили Тошкентда 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмасдан, ҳисобдан яширилган. Пойтахтдаги 26 та маҳалла “қизил”, 465 таси “сариқ” тоифада қолган.
Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик ва безорилик, Юнусобод босқинчилик бўйича юқори кўрсаткичга эга экани айтилди. Шунингдек, Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари кўп учраган.
Шу боис, яқинда ушбу туманлар ички ишлар бошлиқларининг барчаси янги қўйилди.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва шаҳар прокурори в.б. Анвар Ўрмонов ишлари танқид қилиниб, уларга ҳайфсан берилиб, олти ойлик синов муддати белгиланди.