Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украина "военкомат"лари ҳақидаги хабарлар: ҳожатхонадан олиб кетиш ва бошқа ҳолатлар

18–25 январь кунлари Украина ОАВ ва Telegram-каналларида ТЦК фаолияти билан боғлиқ қатор видеолар, можаролар ва ҳатто мобил ўйин муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Сўнгги ҳафта, 18–25 январь кунлари Украина ва хорижий ОАВ ҳамда Telegram-каналларида ҳудудий бутлаш марказлари (ҲБМ) — ҳарбий комиссариатлар фаолияти билан боғлиқ қатор шов-шувли ҳолатлар муҳокама қилинди.
Черновцида тарқалган видеода гувоҳлар аралашиб, ҳарбий комиссариат ходимларининг эркакни олиб кетишига тўсқинлик қилгани айтилади.
Днепропетровск вилоятида УПЧнинг Муқаддас Руҳ монастири руҳонийси ота Андрей Илман уйи ёнида қўлга олингани ҳақида Telegram-каналларда хабар берилди. Аввалроқ депутат Артём Дмитрук УПЧнинг бир неча руҳонийлари сафарбар этилганини маълум қилган эди.
Шу ҳудудда кришнаит ва пацифист Александр Ширков ҳақида ҳам ёзилди. Хабарларга кўра, у Конституцияда белгиланган муқобил фуқаролик хизмати ҳуқуқини талаб қилган, аммо сафарбар қилиниб, биринчи топшириқда ҳалок бўлган.
"Страна.ua" нашри ҳарбий хизматчига таяниб хабар беришича, Одессада сафарбар этилганлар орасида гиёҳвандликка мойиллиги, саломатлик муаммолари бор ва кекса ёшдаги фуқаролар ҳам учраётгани айтилган.
Украина Давлат тергов бюроси Николаев вилоятида ҳарбий хизматга мажбурларни соғлиғи бўйича тасдиқловчи ҳужжатларсиз рўйхатдан чиқариш билан боғлиқ схемани ошкор қилганини маълум қилди. Терговга кўра, бундай "хизмат" учун 10 минг долларгача пул олинган.
ОАВларда Словакия билан чегарадаги ҳолат ҳам ёритилди. Маълумотларга кўра, рейс автобуси ҳайдовчиси назорат пунктида ҳарбий комиссариат қидирувида эканини билиб, автобусни орқага бурган ва Словакия томон йўл олган. Чегарачилар транспортни тўхтатган, бироқ ҳайдовчи йўловчилар ва автобусни ташлаб, қочиб кетгани айтилади.
Измаилда автосервис ходимлари иш жойидаги автослесарни олиб кетмоқчи бўлган ҳарбий комиссариат ходимлари билан муштлашган.
Ровнода ҳам эркакни қўлга олишда куч ишлатилгани акс этган видеолар тарқалди.
Полтавада эса эркак ёқилғи қуйиш шохобчасидаги ҳожатхонага яширинган. Тарқалган хабарларга кўра, ҳарбий комиссариат ходимлари унинг ортидан кириб, ҳожатхона эшигини бузиб очган ва эркакни у ердан олиб кетган.
Шунингдек, онкологик касалликка чалинган эркак ногиронлик гуруҳидан маҳрум қилиниб, хизматга яроқли деб топилгани ҳақидаги ҳолат ҳам муҳокама қилинмоқда.
Бундан ташқари, Украинанинг App Store ва Google Play платформаларида "Втеча з ТЦК" ("ҲБМдан қочиш") номли ўйин пайдо бўлгани хабар қилинмоқда. Маълумотларга кўра, ўйин "ҳарбий қамоқхонадан қочиш" симулятори бўлиб, ўйинчига ер ости туннеллари қазиш, қўриқчиларни айланиб ўтиш, кўникма ва асбобларни такомиллаштириш, шунингдек, бошқа маҳбуслар билан буюм алмашиш имконияти таклиф қилинади.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Дезертирлар сони 2022 йилгача бўлган Украина армияси сонидан ошиб кетди - украин депутати