ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Asian Boxing ташкилоти ва Ўзбекистон бокс федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Asian Boxing президенти Пичаи Чунхаважира ҳамда федерация раисининг биринчи ўринбосари, Asian Boxing вице-президенти Сакен Полатов учрашувида имзоланди.
Меморандумга кўра, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида бокс мактабларини танлаб олиб, уларни замонавий йўналишда ривожлантириш, хорижлик мураббий ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек спортчилар, ҳакамлар ва мутахассислар учун халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Томонлар шунингдек, соҳага оид бошқа долзарб вазифалар юзасидан ҳам келишувга эришди.