ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари уюшмаси ва Малайзия туризм операторлари уюшмаси ўртасида “Умра +” туризм дастури бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, қўшма амалий лойиҳаларга старт берилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида ушбу дастурни тарғиб қилишга бағишланган медиа-брифинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари уюшмаси, “Uzbekistan Airways” АЖ, шунингдек Малайзиянинг “MATA”, “Bumitra” ва “PAPUH” каби зиёрат туризми, ҳаж ва умра бўйича сайёҳлик ассоциациялари, маҳаллий туркомпаниялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда туризмдаги ислоҳотлар, 2026–2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар оқимини 100 минг нафарга етказиш режалари ва туроператорларга берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Қатнашчиларга Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг зиёрат туризми салоҳияти тақдим этилди. Айниқса, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуаси алоҳида қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, 18 июнь куни Малайзияда ва 27–28 июнь кунлари Ўзбекистонда Бутунжаҳон зиёрат туризми фестивалини биргаликда ўтказишга келишиб олинди.