ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Ўзбекистонда қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида янги тизим йўлга қўйилади. Президент “2026–2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Унга кўра, 2026 йил 1 октябрдан:
қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича барча техник ва тиббий жараёнларни тартибга солувчи стандарт операцион жараёнлар ҳамда хавфсизлик баённомалари жорий қилинади;
“эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш” занжири доирасида бизнес жараёнларини бошқариш тизими жорий этилади.
2027 йил 1 мартдан “Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш” ахборот тизими жорий этилади.
2026 йил 1 октябрдан қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотларини мажбурий тартибда 2 босқичли скрининг текширувидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади.