"Ўзпромстройматериаллари" уюшмаси раиси Илёс Раҳимовнинг айтишича, ўтган йили Россия бозорига металл маҳсулотлари, керамика буюмлари, тошдан ясалган маҳсулотлар, қуруқ қурилиш қоришмалари, портландцемент ва бошқа қурилиш материаллари жами 251 млн доллар қийматида экспорт қилинди.
"Россия — бизнинг стратегик ҳамкоримиз. Ишлаб чиқариш ҳам, экспорт ҳам ўсиб бормоқда", — деди Раҳимов.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари Европа брендлари билан тобора фаол рақобат қилмоқда.
Айни пайтда Россияда ўзбек ишлаб чиқарувчиларига тегишли 20 та шоурум ва савдо уйи фаолият кўрсатмоқда.
"Биз ягона қурилиш материаллари савдо уйини очишга эмас, балки ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари томонидан савдо уйлари ташкил этилишига эътибор қаратяпмиз", — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, қиймати 3,6 млрд долларлик 437 та лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган. 2025 йилда қиймати 1,8 млрд долларлик 353 та лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 15,2 мингта иш ўринлари яратилди.