ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги "Наврўз" деҳқон бозори ҳамда "Бўз бозор" шохобчасини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу ишлар яширин иқтисодиётни қисқартириш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этишга қаратилган.
Маълум қилинишича, бозорлар босқичма-босқич рақамлаштирилиб, савдо жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.
Шунингдек, бозор ҳудудида махсус вазият маркази ташкил этилиб, иқтисодий ва назорат жараёнлари ягона тартибда мувофиқлаштирилади.
Қайд этилишича, мазкур ислоҳотлар тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.