Самарқанд вилоятида уй хўжаликларининг қарийб ярми онлайн рўйхатдан ўтди

Самарқанд вилоятида аҳолини рўйхатга олиш жараёнида онлайн иштирок даражаси юқори бўлмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Самарқанд вилоятида уй хўжаликларининг қарийб ярми аҳолини онлайн рўйхатга олишдан ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига вилоят статистика бошқармаси мутахассиси Фирдавс Шукуров маълум қилди.
Маълум қилинишича, аҳолини рўйхатга олишнинг олти куни давомида Самарқанд вилоятида уй хўжаликларининг 46,6 фоизи census.stat.uz портали орқали онлайн рўйхатдан ўтказилган.
Энг фаол кўрсаткич Қўшработ туманида қайд этилган — 83,4 фоиз. Шунингдек, Тойлоқ туманида бу кўрсаткич 63,7 фоиз, Пастдарғом туманида эса 61,4 фоизни ташкил этган.
Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида эса онлайн рўйхатдан ўтиш суръатлари нисбатан паст бўлиб, мос равишда 33,9 ва 38,4 фоиз даражасида қайд этилган.
15 январь куни Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бошланди. У 45 кун давом этади. Дастлабки икки ҳафта — 31 январгача хоҳловчилар анкетани онлайн тарзда мустақил тўлдиришлари мумкин. 1−3 февраль кунлари интернет орқали рўйхатдан ўтган респондентлар рўйхати ва уларнинг уй манзиллари шакллантирилади. 4 февралдан 28 февралгача рўйхатга олувчилар уйма-уй юриб, планшетлардан фойдаланган ҳолда респондентларнинг сўзларидан варақаларни тўлдиришади.
Аҳолини рўйхатга олишда энг кўп берилаётган саволларга жавоб берилди