ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Жаҳон иқтисодий форумида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиева украиналикларга эрталаб овоз чиқариб, шер каби ўкириш орқали ўз-ўзига ишончни оширишни маслаҳат берди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
"Ўзингизга ишонишингиз керак. Эрталаб туринг ва овоз чиқариб “р-р-р-р” деб ўкиринг. Ўзига бўлган ишонч жуда муҳим. Бу осон эмас, бунга ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман", — деди Георгиева Давосда ўтаётган форумдаги чиқишида.
ХВЖ раҳбари нутқида Украинада иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича бир қатор тавсиялар берди. Хусусан, аҳоли учун электр энергияси ва иссиқлик таъминотини субсидиялашни босқичма-босқич тўхтатиш, шунингдек, Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини оқилона муддатларда якунлаш зарурлигини таъкидлади.
Ноябрь охирида ХВЖ Украина учун 8,2 миллиард доллар миқдорида янги кредит дастури бўйича келишувга эришилганини маълум қилган. Ўз навбатида, Киев ҳукумати солиқ сиёсатини қатъийлаштириши, жумладан, истеъмол товарлари бўйича ҚҚС имтиёзларини бекор қилиши керак.
Шу билан бирга, 12 январь куни Украинанинг фонд олдидаги навбатдаги тўлови муддати тугади. Тўлов суммаси тахминан 172 миллион доллар бўлган. Ўша пайтда ХВЖ расмий сайтида тўлов амалга оширилгани ҳақида маълумот мавжуд эмас эди.
Украина бир неча йилдан бери бюджетни юқори тақчиллик билан шакллантириб келмоқда. Хусусан, 2024 йилда бюджет тақчиллиги 43,9 миллиард долларга етган. 2025 йил учун эса 37,3 миллиард доллар миқдорида тақчиллик тасдиқланган, кейинчалик у ҳарбий харажатлар ҳисобига оширилган.
Киев расмийлари бюджетдаги камомадни асосан ташқи молиялаштириш орқали қоплашни режалаштирмоқда. Бироқ Ғарб давлатларида янги ёрдам пакетларини ажратиш узоқ музокаралардан сўнг амалга ошмоқда ва ҳамкорлар Украина ўзини ўзи молиялаштириш манбаларини фаолроқ излаши лозимлигини тобора кўпроқ таъкидламоқда.