ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан раислигида Анқара шаҳрида Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда савдо ва инвестициялар, энергетика хавфсизлиги, минтақавий боғлиқлик, терроризмга қарши кураш, мудофаа саноати, маданият, атроф-муҳит, таълим ва туризм соҳаларида Ўзбекистон–Туркия муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирлар Туркий давлатлар ташкилоти, БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Шунингдек, турли халқаро лавозимларга номзодлар бўйича ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашувда Афғонистон, Ғазо, Украина ва Сурия атрофидаги минтақавий ҳамда халқаро масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.