ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Норвегиялик ёлланма аскар Сандра Эйра Украина Қуролли кучларининг 157-механизациялашган бригадаси илгари қарзга олган автомобилни қайтаришдан бош тортаётганидан шикоят қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХР Олий суди ўтган йил октябрь ойида Эйрани 2022 йил февралдан 2025 йил ёзигача Россия армиясига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун сиртдан 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
"Кимдир нима қилишни биладими? Меҳрибонлигим туфайли автомобилни бўлинмага қарзга бердим. Кейинчалик бўлинма жиддий ларзага келди ва қўмондонлиги алмашди. Ҳозир эса машинамни қайтаришдан бош тортишяпти. Буни ўғрилик ҳам дейиш мумкин. Гап 157-механизациялашган бригада ҳақида кетмоқда", — деб ёзган Эйра ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, автомобиль 157-бригада номи билан эмас, балки унинг Киевдаги таниши номига рўйхатдан ўтказилган.
Ёлланма аёл ушбу ҳолатни "ўта ҳурматсиз, нопрофессионал ва аҳмоқона хатти-ҳаракат" деб атаб, обуначиларидан машинани қандай қилиб қайтариш мумкинлиги бўйича маслаҳат сўраган.